«Ливерпуль» клуби Арне Слотнинг мураббийлар штабига ўзгартириш киритиш бўйича илтимосини рад этди. Нидерландиялик мутахассис февраль ойида «Тоттенхэм»ни тарк этган ўзининг собиқ ёрдамчиси Жон Хейтингани клубга қайтаришни талаб қилган эди. Empire of the Kop нашрининг хабар беришича, «қизиллар» раҳбарияти ушбу сўровни рад этган, чунки мавсумнинг бундай кеч палласида мураббийлар тузилмасидаги ўзгаришлар жамоага салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисоблаган.
Жон Хейтинга «Ливерпуль» учун муваффақиятли кечган ўтган мавсумда Арне Слотнинг ёрдамчиси сифатида ишлаган, шундан сўнг у «Аякс» бош мураббийи этиб тайинланган эди. Ноябрь ойида мутахассис Амстердам клубидан истеъфога чиқарилди, «Тоттенхэм»да эса бир ойдан сал кўпроқ вақт фаолият юритди.













