8-май куни Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичи старт олиши режалаштирилган. Миллий жамоа 5-май санасидан эътиборан йиғинга киришишидан келиб чиқиб, мусобақанинг гуруҳ босқичида термага жалб этилган футболчилар иштирок этмайди. Ўз навбатида Лига гуруҳ босқичига қуръа ташлашда иштирокчи клубларни саватларга ажратади.
Суперлига ва Пролигадан жами 29 клуб иштирокини гуруҳ босқичидан бошлайди. Қолган уч йўлланма учун эса 16 жамоа ўзаро кураш олиб боради. Шуларнинг 15 таси Биринчи лига қатнашчиси бўлса, FC Sonyc X ҳаваскорлар жамоаси ҳам мусобақада иштирок этиш истагини билдирган.
Жорий мавсумдан эътиборан Биринчи лига қатнашчилари сафига қўшилган Тошкент ФА, Самарқанд ФА, Баркамол, Ҳавоқанд, Гулистон, Азур, Шердор ва улар қаторида FC Sonyc X жамоалари саралашнинг I босқичида ўзаро тўрт жуфтлик ҳосил қилади ва уларнинг ғолиблари кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритади.
Тошкент ВФА, Жиззах ФА, Навоий ФА, Қорақалпоғистон ФА, Аҳмедов, Лококмотив БФК, Оқтепа, Дўстлик каби ўтган мавсумда ҳам Биринчи лигада тўп сурган клублар ўз юришини II босқичдан бошлайди. Улар қаторига I босқичнинг тўрт ғолиби қўшилади ва натижада умумий 12 иштирокчи олти жуфтлик ҳосил қилади. Ғолиблар ҳал қилувчи босқичга йўлланма олади.
III саралаш босқичида 6 иштирокчи уч жуфтлик ҳосил қилади. Мазкур беллашувларда зафар қучган клублар Ўзбекистон кубогининг гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Саралаш босқичига 10-март куни қуръа ташланади. Ўйинлар 20-март санасидан эътиборан старт олади. Барча беллашувларга Аҳмедов футбол мактаби майдони мезбонлик қилади.














