Жорий йилнинг 16 август кунлари Нанкин шаҳрида (Хитой) ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган II Осиё ўйинлари бошланди.
Дастлабки 3 кун баҳсларидан кейин Ўзбекистон делегацияси 3та медални қўлга киритди. Уч хил турдаги медалларниннг барчасини дзюдочиларимиз тақдим этишди.
55 килогача бўлган вазн тоифасида Достон Рўзиев барча рақибларини мағлуб этди. Саралаш баҳсларида Достон Филиппин, Хитой Тайпейи, ярим финалда Қозоғистондан ташриф буюрган спортчини мағлуб этди. Финалда эса у жанубий кореялик рақиби устидан ғалаба қозонди ва олтин медалга эга бўлди.
66 кг.гача бўлган вазндаги дзюдочимиз Улуғбек Отамуродов эса кумуш медалга эга бўлди. Ҳамюртимиз нимчорак финалда тожикистонлик Саидов, чорак финалда хитойлик Женг, ярим финалда КХДР вакили Кимни мағлуб этди. Финалда ҳам унга жанубий кореялик дзюдочи рақиб бўлди. Афсуски, рақиб маҳоратли чиқиб қолди ва 18-сониядаёқ Отамуродовга нисбатан "иппон" қўллади.
Диёра Келдиёрова (44 кг.) эса терма жамоамизга бронза медалини келтирди. Саралаш баҳсида у спортчисини мағлуб этган бўлса, чорак финалда тайпейлик дзюдочига ютқазиб қўйди. Ўтиш баҳсида эса у аввал жанубий кореялик, бронза медали учун жангда эса туркманистонлик рақибларини мағлуб этди.
Ўзбекистон делегацияси 3та медал (1тадан олтин, кумуш ва бронза) билан умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллаб турибди. Хитой (8,3,4), КХДР (4,0,2) ва Жанубий Корея (1,3,1) делегациялари эса медаллар бўйича пешқадамлик қилишмоқда.
Ўзбекистон делегацияси ушбу Осиё ўйинларида 64 нафар спортчи билан спортнинг 10та турида иштирок этишмоқда.
Маълумот учун: 2009 йили Сингапурда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги биринчи Осиё ўйинларида 31 нафар ўсмирларимиз спортнинг 7 турида ғолиблик учун кураш олиб боришган ва улардан уч нафари, булар – Юлдуз Қўчқорова (сузиш, 100 м. чалқанча усулда), Руслан Қурбонов (енгил атлетика, уч хатлаб сакраш) ва Светлана Прошкина (енгил атлетика, баландликка сакраш) бронза медалига сазовор бўлишган.