«Барселона» ҳимоячи Андреас Кристенсеннинг шартномани узайтириш борасидаги қарорини кутмоқда.
Аввалроқ, клуб тиззасидаги жароҳат (хочсимон пайлар узилиши) сабабли сафдан чиққан футболчини қўллаб-қувватлаш мақсадида шартномани узайтиришга тайёрлиги ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, унга 2 йилга мўлжалланган ва маоши сезиларли даражада қисқартирилган келишув таклиф қилинган. Даниялик ҳимоячининг амалдаги шартномаси шу ёзда ўз ниҳоясига етади.
Marca нашрининг ёзишича, клуб анча вақтдан бери футболчининг агенти билан музокаралар олиб бормоқда, бироқ ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ. «Барселона» вазиятни ортиқча чўзишни истамаяпти ва ўзгармас бўлган сўнгги таклифини берди. Клуб яқин орада жавоб кутмоқда, агар рад жавоби берилса, бошқа вариантларни кўриб чиқишни бошлайди.
Қайд этилишича, «Барселона» ушбу таклифни хайрихоҳлик ишораси сифатида кўрмоқда. Чунки 29 ёшли футболчига оғир жароҳатдан сўнг бошқа жамоа билан келишиб олиш қийин кечади. Бундан ташқари, клуб Кристенсеннинг намунали хулқ-атворини ва клуб ҳақида ҳеч қачон ёмон гапирмаганини қадрлайди.
Жорий ва ўтган мавсумда ҳимоячи жами 106 та ўйиндан фақат 23 тасида иштирок этди, бу эса умумий ўйинларнинг бор-йўғи 21,7 фоизини ташкил этади.













