ОКМК клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов Суперлиганинг 4-тури доирасида ўтказилган "Қизилқум"га қарши ўйин (1:0) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Ўйин ҳақида фикрингиз?
— Бугунги учрашув жуда қизиқарли ва курашларга бой ўтди. Аслида, икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда «Қизилқум» ёпиқ ўйин кўрсатиб, асосан қарши ҳужумларга эътибор қаратди. Иккинчи бўлимда эса улар фаолроқ ҳаракат қила бошлади ва босимни оширди. Биз ўйиндаги ягона голни стандарт вазиятдан киритдик. Яна гол уриш учун имкониятларимиз ҳам бўлди, аммо ҳужумларни якунлашда бироз аниқлик етишмади. Энг муҳими — сафарда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Аввалги ўйинларда ҳам ютқазмаслигимиз керак эди, лекин футболнинг жозибаси ҳам шунда.
— Азиз Холмуродовнинг бугунги ўйини ҳақида фикрингиз?
— Азиз кичик жароҳат билан ўйнади, шунга қарамай майдонга тушиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Афсуски, иккинчи бўлимда юз фоизлик имкониятдан фойдалана олмади. Агар ўша вазият гол билан якунланганда, ўйин анча осонлашган бўларди.
— Сиз илгари жарима зарбаларини жуда яхши ижро этардингиз. Ҳозирги футболчиларга буни ўргатиш қийинми?
— Албатта, ўргатиш мумкин. Лекин бу ерда энг муҳими — футболчига тўғри йўналиш бериш. Қолган ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Биз маслаҳат берамиз, йўл кўрсатамиз, лекин якуний натижа футболчининг ўз устида ишлашига боғлиқ.
Майдонда ўйнаганда фикрлаш жуда муҳим. Бир марта зарба бериб, омадга эришиш етарли эмас — бунинг устида ҳар куни ишлаш керак. Машғулотдан олдин ҳам, кейин ҳам такрорлаш зарур.
— Ҳозир эса телефон ва турли ўйинлар кўпларнинг эътиборини чалғитяпти. Баъзида ёшлар виртуал ўйинларда кўрсатган иштиёқни майдонда кўрсата олмаяпти. Аслида эса ҳақиқий кураш майдонда бўлиши керак.
— Такрорлаш — муваффақият калити. Жарима зарбаларини мукаммал бажариш учун тинимсиз машқ қилиш лозим. Назарияда ҳаммаси осон кўринади, лекин амалда бу анча мураккаб. Ҳаракат қилган одамга натижа ҳам шунга яраша бўлади.
— Сўнгги ўйинларда дарвозабонлар тез-тез алмашяпти. Бу нимага боғлиқ?
— Бизда барча футболчилар асосий таркибга даъвогарлик қилади. Кимдир майдонга биринчи дақиқадан тушади, кимдир захирадан киради — бу табиий ҳолат. Дарвозабонларимиз даражаси деярли бир хил. Машғулотлардаги ҳолатига қараб танлов қиламиз. Ҳеч кимга олдиндан “сен асосийсан” деб айтилмаган.
— Бугунги ўйинда «Қизилқум» сафида кимни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардингиз?
— Умуман олганда, жамоа яхши ўйнади. Лекин Кенжабоевни алоҳида таъкидлаш мумкин. Кўплаб ҳужумлар айнан у орқали ташкил қилинди ва у майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди.













