Хабарингиз бор, ўтган йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати Эронда бўлиб ўтганди ва ўша мусобақанинг ярим финалида мезбонлар айнан Ўзбекистонга мағлуб бўлиб (2:3), финалга чиқа олмагандилар. Дилшод Нуралиев бошчилигидаги йигитларимиз эса финалда Япония устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, қитъа кубогини Тошкентга олиб келишганди.
Шу боис бўлса керак, ЖЧга тайёргарлик кўраётган Эрон терма жамоаси спарринг рақиб сифатида Ўзбекистонни танлади ва Тошкентда бир эмас, икки эмас, учта ўртоқлик ўйини ўтказишни ихтиёр этдилар. Ўйинларнинг дастлабкиси икки кун аввал ўтказилди ва унда “нуралиевчилар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Боз устига, ўша ўйинда мураббийимиз асосий таркибнинг бир неча нафар аъзолари хизматидан фойдалана олмади. Табиийки, ўртоқлик ўйинларига бўлишига қарамай, форслар ҳам ғалаба қозонишни исташади.
Бугун бўлиб ўтган ўйиннинг 16-дақиқасида айнан меҳмонлар ҳисобни очишди. Вакилларимиз ҳисобни тенглаштиришлари учун ҳам шунча вақт керак бўлди. Акобир Тўраевни жамоадошлари дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқаришди ва бухоролик футболчи вазиятни кўкка совурмади — 1:1. Биринчи бўлим тугаши арафасида ўсмирларимиз ўнг қанотдан “стандарт”ни амалга оширишди. Ҳимоячиларга тегиб қайтган тўпни ерлатиб дарвозанинг олис бурчагига жойлаб қўйди — 2:1.
Иккинчи бўлимда Эрон босимни янада оширди. Бир неча маротаба дарвозабонимиз бизни голдан сақлаб қолди. У узоқ ва яқин масофалардан берилган зарбаларни қайтарди, рақиб ҳужумчиси билан яккама-якка ҳолатларда устунлик қилди.
Ўйин охирларига келиб меҳмон футболчилари чарчаб қолишди ва майдон марказида тўни тез-тез йўқота бошлашди. Аммо улардан ўзбекистонлик футболчилар фойдалана олишмади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Эрон ўсмирлар терма жамоалари ўртаисдаги иккинчи ўртоқлик учрашуви ҳам мезбонларнинг ғалабаси билан тугади. Учинчи баҳс 22 август куни яна "Жар" стадионида ўтказилади.
ЎРТОҚЛИК ЎЙИНИ
ЎЗБЕКИСТОН (U17) – ЭРОН (U17) – 2:1 (2:1)