Италиянинг «Рома» клуби дарвозабони Миле Свилар келиб чиқишига кўра серб бўлса-да, Бельгияда туғилган. Ўз вақтида, 2021 йилнинг сентябрь ойида у отаси Ратконинг таъсири остида Сербияни танлаган ва ушбу Болқон мамлакати терма жамоаси сафида бир тайм ўйнашга ҳам улгурган эди. Бироқ кейинчалик у Бельгия шарафини ҳимоя қилишни афзал кўришини эълон қилди.
Аммо ФИФА бу ишга аралашиб, ҳозирча Свиларнинг бельгияликлар сафида майдонга тушишига рухсат бермаяпти. Серблар ҳам унинг бундай муносабатидан хафа бўлиб, Свиларни терма жамоага чақиришдан бош тортишди. Регламентга кўра, маълум шартлар асосида терма жамоани ўзгартириш мумкин. Улардан бири — футболчи аввалги терма жамоасида ўйнаган вақтида 21 ёшдан ошмаган бўлиши керак.
Бошқа шартлар ҳам мавжуд, бироқ Свилар айнан шу қоидани бузган. У Қатар терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида серблар сафида бир тайм ўйнаган вақтида 22 ёшда эди — эътиборлиси, у туғилган кунини ўйиндан атиги тўрт кун олдин нишонлаган эди. Энди эса мана шу кичик фарқ унга жуда қимматга тушиши мумкин.













