Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Ҳалифа Афғонистон футбол федерациясини ўз майдонларида сўнгги ўн йилликдаги илк учрашувларини ўтказганлари билан табриклади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилган.
Афғонистон ушбу ўйинда қўшниси Покистон терма жамоасини қабул қилиб, йирик - 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Эътиборли томони учрашув янги қурилган Афғонистон футбол федерацияси стадионида ўтказилган. Шу тариқа, 2006 йилги Жаҳон чемпионати саралашида Туркманистонга ўз майдонида 2:0 ҳисобида имкониятни бой берган Афғонистон терма жамоаси орадан 10 йил ўтиб яна халқаро учрашувни ўз мухлислари қаршисида ўтказди.
"Бу ўйиннинг биз учун ютуқ эканининг сабаби шундаки, у яна бир бор футбол тинчлик элчиси эканини кўрсатмоқда. Бу шунингдек, ўн йиллар давом этган урушлардан сўнг Афғонистоннинг яна футбол ҳаётига қайтганига ҳам исботдир.
Бу ўйин Жанубий Осиёликлар учун рамзий маънога эга бўлиб, қўшни мамлакатлар ўртасида дўстлик ришталарининг ривожланишида футболнинг аҳамиятини намойиш этди", деди ОФК Президенти.
Қитьамиз футболи раҳбари, шунингдек, АФФнинг 8та клубдан ташкил топган Премьер-лига тузиш ҳаракатларини ҳам мақтади, бу жараён мамлакатда футболнинг оммавийлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
"АФФ футбол ривожи борасида анча фаол равишда ишлар олиб бормоқда ва мен афғон футболининг барча жонкуярларини спортнинг ушбу турини қўллаб-қувватлаш ва ривожига ҳисса қўшаётганликлари билан табриклашни хоҳлардим", дея қўшимча қилди Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Ҳалифа.