«Бавария» раҳбарияти «Манчестер Сити»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Фил Фоденни ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган. Мюнхен клуби аллақачон футболчининг вакиллари билан алоқага чиқди. Ўз навбатида, «Ман Сити» Фоденни «Этихад»да олиб қолиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Айни дамда инглиз клуби раҳбарияти Фоден билан янги шартнома борасидаги музокараларни фаоллаштирган. «Манчестер Сити» «Бавария» томонидан бўлаётган қизиқишдан хабардор ва футболчини янги келишувга кўндириш орқали юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга интилмоқда.
Фоден Манчестерда қолишга қарши эмас, бироқ у амалдаги шартномасига нисбатан молиявий шартлар яхшиланишини талаб қилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, «шаҳарликлар» раҳбарияти футболчини жамоада сақлаб қолиш учун, катта эҳтимол билан, унинг шартларига рози бўлади.
Фил Фоден — «Манчестер Сити» академияси тарбияланувчиси бўлиб, у 2017 йилда клубнинг ёшлар жамоасидан асосий таркибга ўтган эди. Жорий мавсумда у «шаҳарликлар» сафида 41 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган, Transfermarkt портали эса футболчининг бозор қийматини 80 миллион еврога баҳоламоқда.













