Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес 2026 йилги жаҳон чемпионати 1/16 финалида Хорватияга қарши баҳс (2:1) давомида Криштиану Роналдуни алмаштириш қарорига изоҳ берди.
Роналду 81-дақиқада майдонни тарк этди ва унинг ўрнига Рубен Невеш туширилди.
«Ихтиёримиздаги турли хусусиятларга эга футболчилардан тўғри фойдаланиш жуда муҳим. Ўйин давомида ҳужумчиларимиз рақиб майдонининг сўнгги учдан бир қисмига етиб боришда қийналган палла бўлди. Криштиану жарима майдонида турган пайтда Гонсалу Рамушнинг майдонга тушиши рақиб марказий ҳимоячилари ҳаракатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин эди.
Гол урилганидан кейин вазият ўзгарди. Хорватия кўпроқ таваккал қилишига тўғри келди, Модрич ва Ковачичнинг марказдаги ҳамкорлиги кучайди. Шу пайтда бизга яна бир ярим ҳимоячи ва Хорватиянинг энг кучли нуқтасини назорат қилиш керак эди.
Хорватияда таянч ярим ҳимоячи йўқлигидан фойдаланиб, бир муддат икки ҳужумчи билан ҳаракат қилдик. Кейин эса рақиб ҳужумга ўтишга мажбур бўлганида, бошқа ҳимоявий схемага ўтиш вақти келди», — деди Мартинес.
Эслатиб ўтамиз, Португалия Хорватияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финалга чиқди. Кейинги босқичда португалияликлар Испания терма жамоасига қарши майдонга тушади.













