Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси пенальти тепиш ҳуқуқини жамоадоши Николас Отамендига топширди.
Замбияга қарши кечган ўртоқлик учрашувининг иккинчи бўлими бошида аргентиналиклар 11 метрлик жарима тўпини қўлга киритишди. «Интер Майами» форварди дубль қайд этиши мумкин эди, бироқ у нуқтага Отаменди яқинлашишини истади. «Бенфика» ҳимоячиси ишончни оқлади ва ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди, шундан кўп ўтмай у захирага олинди. Катта эҳтимол билан, 38 ёшли футболчи учун бу ўз ватанидаги мухлислар қаршисида миллий терма жамоа либосидаги сўнгги ўйин бўлди.
Учрашув 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланди. Шунингдек, Хулиан Альварес ва Валентин Барко ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйишди, яна бир вазиятда эса рақиб автогол муаллифига айланди.













