"Ювентус" клуби "Манчестер Юнайтед" ва Уругвай терма жамоасининг 24 ёшли таянч ярим ҳимоячиси Мануэль Угартега қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотига кўра, Турин клуби спорт директори Марко Оттолини Угартени бевосита кузатиш учун Уругвай терма жамоасининг Жазоирга қарши ўртоқлик учрашувига ташриф буюрди.
Ярим ҳимоячи 2024 йил ёзидан бери манкунианликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда Угарте барча мусобақаларда 23 та ўйинда майдонга тушди, бироқ самарали ҳаракатлари билан ажралиб турмади.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади.













