Ушбу мавсумда Ўзбекистон кубоги учрашувлари ярим финалдан бошлаб анча қизиқарли ўтаётганини таъкидлаш лозим. Жавоб учрашувини кузатиш учун Қаршидаги "Марказий" стадиони деярли мухлислар билан тўлди.
Биринчи бўлимнинг аксарият қисми тенгкурашлар остида кечди. Игорь Сергеевнинг 17 метрлардан йўллаган кучли зарбасини Элдорбек Суюнов қайтаришга муваффақ бўлди. Темурхўжа Абдухолиқовга эса ҳужумни якунлашда маҳорат етишмади.
Бугун функциионал жиҳатдан яхши тайёргарликка эга эканини намойиш қилган Илҳом Юнусов "Пахтакор" дарвозаси томон белгиланган пенальтининг бош сабабчисига айланди. У чап қанотда бир футболчини алдаб ўтиб, тўпни жарима майдончасига етказаётганида тўп "майдонча" ичида турган Даврон Ҳошимовнинг қўлига тегди. Даврон ушбу вазиятда қўлини баланд кўтарганди. Маҳоратли Геворкян Лобановга ҳеч қандай имконият қолдирмади — 1:0.
Тошкентда бўлиб ўтган биринчи ўйинда ҳисоб очилмагани учун голли дуранг "Пахтакор"ни финалга олиб чиқишини инобатга олганда, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаганди. Қаршиликлар эса иккинчи бўлим бошида тўқнашув тақдирини ҳал қили қўйишлари мумкин эди, аммо Азамат Алланиязов дарвозабон билан бирга биз вазиятда дарвозани ишғол қила олмади.
Мурод Исмоилов иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида 3та ўзгаришни амалга ошириб, жамоасининг ўйин услубига ўзгартириш киритишга ҳаракат қилди. Аммо майдонга Жамшид Искандаров ва Анвар Солиевнинг туширилиши ҳам "Насаф" ҳимоя қўрғонида парокандаликни юзага келтира олмади.
Аксинча, ўйиннинг асосий вақти тугашига 13 дақиқа қолганида қаршиликлар стандарт вазиятдан чиройли тарзда фойдаланишга ҳаракат қилишди. Геворкян томонидан ерлатиб етказиб берилган тўпни Мақсуд Каримов яқин масофадан дарвозага йўллай олмади — тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Орадан бироз вақт ўтиб, "Насаф"нинг асосий таркибига яқиндан бошлаб кира бошлаган Шуҳрат Муҳаммадиев қарши ҳужум пайтида рақиб жарима майдончасига етиб келди ва Юнусов томонидан етказилган тўпни қабул қилиб, жарима майдончасига кириб бораётганганида, Миладинович уни чалиб йиқитди. Равшан Эрматов яна бир марта 11 метрли белгилаш билан бирга, "Пахтакор" ҳимоячисига иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Геворякн-Лобанов дуэлида бу сафар ҳам туркманистонлик футболчи устун келди. 2:0.
Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида, боз устига, майдонда бир киши кам бўлиб қолган меҳмонларнинг 2та тўп киритиши қийин эди. Мурод Исмоилов шогирдлари ҳаттоки бу ишни бир марта ҳам амалга ошира олишмади.
Шу тариқа, "Насаф" ўз тарихида кетма-кет учинчи маротаба Ўзбекистон кубоги финалига чиқди. "Пахтакор" эса анча йиллардан бери илк марта ОЧЛ мусобақасидан иштирок эта олмаслик хавфи остида қолиб кетди. Боиси, тошкентликлар чемпионатда кучли учликдан анча ортда қолиб кетишган.
ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ, ЯРИМ ФИНАЛ, ЖАВОБ УЧРАШУВИ
"НАСАФ" - "ПАХТАКОР" - 2:0 (1:0)
Голлар: Артур Геворкян (42-пенальти, 81-пенальти),
Огоҳлнатиришлар: Фаррух Сайфиев (73), Суҳроб Неъматов (90+4) — Александр Мерзляков (24), Даврон Ҳошимов (47), Боян Миладинович (51), Александр Лобанов (70), Шерзод Каримов (77)
Четлатиш: Боян Миладинович (80, иккинчи огоҳлантириш)
"Насаф": Элдорбек Суюнов, Мақсуд Каримов, Ботир Қораев, Илҳом Шомуродов (Суҳро Неъматов 90+2), Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Шоҳруҳ Гадоев (Фаррух Сайфиев 60), Илҳом Юнусов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ҳамза Каримов, Азамат Алланиязов (Зоҳид Абдуллаев 78).
"Пахтакор": Александр Лобанов, Боян Миладинович, Акбар Исматуллаев, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдуҳолиқов (Шерзод Каримов 63), Игорь Сергеев, Александр Мерзляков, Даврон Ҳошимов, Дилшод Шарофитдинов (Анвар Солиев 46), Владимир Козак, Ойбек Қиличев (Жамшид Искандаров 53).
Ҳакамлар: Р. Эрматов (Тошкент), А. Расулов (Тошкент), Ж. Саидов (Тошкент), И. Танташев (Бухоро)
Назоратчи: А. Арутюнов (Тошкент).
Биринчи ўйин — 0:0