Давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ЎФА ва ЎзПФЛ раҳбарияти Суперлига клублари вакиллари билан учрашди.
Учрашувда кун тартибига мувофиқ, клублар бошқарувини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштириш ва уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ушбу йўналишга хусусий секторни кенг жалб этиш, ҳомийлик механизмларини такомиллаштириш ва янгича молиявий тизимни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмун-моҳияти хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Йиғилиш давомида клублар бошқарувида шаффофликни ошириш, маблағларни мақсадли йўналтириш, маркетингни кучайтириш муҳим экани таъкидланди. Шунингдек, инфратузилмани доимий яхшилаб бориш, академиялар, аёллар ва ёшлар футболига эътибор қаратиш зарурлиги яна бир бор қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон чемпионати учрашувларида мухлислар учун қулай шароитлар яратиш, ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш, стадионларга ишқибозларни кенг жалб этиш орқали клублар имкониятларини янада ривожлантиришга ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда жамоалар вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.













