Туркия терма жамоаси ва «Реал Мадрид» аъзоси Арда Гюлер фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Goal нашрининг хабар беришича, футболчига Лондоннинг «Арсенал» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.
«Тўпчилар» Гюлерни ёзги трансфер ойнасида сотиб олишга ҳаракат қилиб кўришади. Арданинг «қироллик клуби» билан шартномаси 2029 йилгача амал қилади.
Ҳозирда 21 ёшли турк футболчисининг бозор қиймати 90 миллион еврога баҳоланмоқда. У жорий мавсум Ла Лигада 31 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.













