Португалиялик афсонавий футболчи Луиш Фигу Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамнинг келажаги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Аввалроқ, Дешам АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026 турниридан сўнг терма жамоани тарк этиши маълум бўлган эди. Хабарларга кўра, ҳозирда Альваро Арбелоа бошқараётган Мадриднинг «Реал» клуби Дешам хизматларига қизиқиш билдирмоқда.
«Сиз французлар Дешам терма жамоа билан эришган ғалабалари учун ундан жуда миннатдор бўлишингиз керак. Энди сизни янги босқич кутмоқда ва қўлингиздаги сифатли футболчилар билан иккита иқтидорли жамоа тузишингиз мумкин.
Дешамни ҳам янгилик кутмоқда. Унда «Реал»да муваффақият қозониш учун етарлича тажриба ва шахсий фазилатлар борлиги аниқ», — дея Фигунинг сўзларини келтиради RMC Sport.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» бош мураббийлигига номзодлар орасида Зинедин Зиданнинг рад жавобидан сўнг Дешам варианти янада фаолроқ муҳокама қилинмоқда.













