Германиянинг «Вердер» жамоаси аъзоси Мио Бакхаус кўрсатаётган маҳоратли ўйинлари туфайли Европанинг гранд клублари қизиқишлари доирасига кирди. Бу ҳақда Sky нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур посбоннинг фаолияти айниқса Италия клубларида катта қизиқиш уйғотган. Хусусан, «Милан» ва «Интер» жамоалари футболчининг трансфери бўйича дастлабки суриштирув ишларини бошлаб юборган. Шунингдек, иқтидорли ёшларни излаб топиш бўйича ўзига хос мактабга эга бўлган Англиянинг «Брайтон» клуби ҳам Бакхаусни ўз рўйхатига киритган.
Таъкидланишича, Мио Бакхауснинг Бремен клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган. Шу боис, иқтидорли дарвозабонни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган даъвогарлар катта миқдорда маблағ сарфлашларига тўғри келади. Ҳозирги вақтда футболчининг бозор қиймати тахминан 12 миллион евро этиб белгиланган.













