Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси иқтидорли футболчилари Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқов Португалиянинг «Брага» клубига ўтиши мумкин.
Манбага кўра, португал клуби 17 ёшли футболчиларни «Бунёдкор» ва Одил Аҳмедов футбол академиясидан 1 йиллик ижара асосида жалб этиш ниятида. Шунингдек, уларнинг «Андижон»даги ижараси тўхтатилади. Футболчилар 2026 йил ёзида, 18 ёшга тўлганидан сўнг янги жамоасига қўшилади.
«Брага» скаутлари уларни Қатарда бўлиб ўтган U-17 жаҳон чемпионатида кузатиб, синовга таклиф қилган. 2025 йил декабрида ҳар икки футболчи клубнинг U-23 жамоаси билан икки ҳафта машғулот ўтказган ва яхши таассурот қолдирган. Натижада португалияликлар расмий таклиф билан чиққан.
Келишувда сотиб олиш банди ҳам мавжуд: Ҳасанов учун 250 минг евро, Содиқов учун эса 300 минг евро. Агар бу банд фаоллаштирилса, ҳар икки ҳужумчи «Брага» билан 5 йиллик шартнома имзолайди. Шунингдек, «Бунёдкор» ва Одил Аҳмедов академияси кейинги трансфердан муайян фоизга эга бўлади.
Ушбу маълумотга Ўзбекистондаги ProSports Management агентлиги раҳбари Кримец муносабат билдирди:
«Бундай масалаларни клублар эълон қилиши керак. Биласиз, йигитлар ўтган йил охирида «Брага»да стажировкада бўлишган. Ҳозирча айтадиганим шу. Клублардан расмий хабарни кутиб қоламиз», — деди у.
Ҳасанов — қанот ҳужумчиси. У 2025 йил кузида жаҳоннинг энг иқтидорли 60 ёш футболчиси рўйхатига киритилган. Мутахассислар унинг тезлиги, зарбаси ва гол ҳиссини юқори баҳолаган.
Ўтган мавсум у учун жуда муваффақиятли ўтди: у U-17 Осиё кубогида энг яхши футболчи (MVP) деб топилди ва турнирда Таиланд, Хитой, КХДР ҳамда Саудия Арабистонига қарши ўйинларда гол урди.
Жаҳон чемпионатида эса Хорватия ва Панама дарвозасига гол урди, Италияга қарши ўйинда эса голли узатма амалга оширди. Шунингдек, у 2025 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.
Содиқов ҳам Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатида юқори даражада иштирок этди. У 10 та ўйинда 2 гол ва 5 ассист қайд этиб, жамоанинг энг яхши ассистенти бўлди. Унинг бир қанча узатмалари айнан Ҳасановга йўлланган.
Энди ушбу ўзбек дуэти Португалияда ўзини кўрсатишга тайёр. Улар Европа майдонларида ўз йўлини очган ҳамюртлар — Ҳусанов, Шомуродов ва Файзуллаевлар йўлини давом эттириши мумкин.













