Осиё футбол конфедерацияси Элит Чемпионлар лигасининг 2025/26 йилги мавсум финал учрашувида ишлайдиган ҳакамлар номини эълон қилди. Мазкур нуфузли баҳсни ўзбекистонлик Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар жамоаси бошқариб борадиган бўлди.
Бугун, 25 апрель куни Жидда шаҳридаги «Қирол Абдуллоҳ» стадионида бўлиб ўтадиган финал баҳсида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ҳамда Япониянинг «Мачида Зельвия» жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Учрашувда Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида ишлайди. Унга қанотларда ҳамюртимиз Андрей Сапенко ҳамда хитойлик Жоу Фей ёрдам беришади. Шунингдек, VAR тизимида сингапурлик Муҳаммад Тақи фаолият юритса, ўзбекистонлик Фирдавс Норсафаров унга AVAR (ёрдамчи VAR ҳаками) сифатида кўмаклашади.
Маълумот учун, Илгиз Танташев фаолияти давомида иккинчи бор қитъанинг энг нуфузли клублар турнири финалига тайинланмоқда. У бунга қадар 2023/24 йилги мавсумда «Ал-Айн» (БАА) ва «Йокогама Ф. Маринос» (Япония) жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсни бошқарган эди.
Эслатиб ўтамиз, «Ал-Аҳли» — «Мачида Зельвия» учрашуви Тошкент вақти билан соат 21:15 да старт олиши белгиланган.













