Кеча "Ардус" жамоаси Қатарнинг "Ас-Садд" клуби билан Осиё чемпионатининг 2-турида куч синашди ва ушбу баҳсда мағлубиятга учради (3:5).
Мазкур ўйиннинг иккинчи бўлими бошида рақиб жарима майдончаси ичида "Ас-Садд" ҳимоячиси футзалчимиз Артур Юнусовнинг ўнг оёғига орқадан тепиб йиқитди. Жароҳатланган Артур майдонни шифокорлар ёрдамида тарк этди. Вазиятга яқин турган ҳакам эса пенальти белгилаш ўрнига вазиятни симуляция деб баҳолаб, Юнусовга сариқ карточка кўрсатди. Бу пайтда "Ардус" 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди.
ОФК томонидан бугун тақдим этилган ҳисоботга кўра, Артур Юнусовга нисбатан ҳақиқатан қоида бузилгани, ушбу вазият учун пенальти белгиланиши кераклиги ва ҳакам қўпол хатога йўл қўйгани тан олинди. Шунинг учун ушбу рефери мусобақадан четлатилди.
Афсуски, "Ардус" кеча аламли мағлубиятга учраши билан бирга, Артур Юнусовни ҳам йўқотди. Маҳоратли футзалчимизнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқди ва у бугун "Санойи Гити Пасанд"га қарши ўйинда жамоамизга ёрдам бера олмайди.