2023 йилнинг август ойида Ҳарри Кейн 95 миллион евро эвазига "Тоттенхэм"дан "Бавария"га кўчиб ўтган эди. Ўша пайтда англиялик ҳужумчининг бунчалик катта маблағга лойиқлиги борасида шубҳалар бор эди, бироқ у қисқа вақт ичида барча шубҳаларни йўққа чиқарди.
Орадан уч мавсум ҳам ўтмай, Ҳарри Кейн "Бавария" тарихидаги энг яхши 10 та тўпурар қаторидан жой олди. Айни дамдаги ҳолатга кўра, Кейн Мюнхен клуби сафида барча мусобақаларда жами 139 та гол уришга улгурди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Кейн ҳозирда "Бавария" тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатининг 10-поғонасини Жоване Элбер билан бўлишиб турибди. Кейн бу натижага Германиянинг рекордчи клуби сафида учта тўлиқ мавсум ўтмасданоқ эришди!
"Бавария" тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатини Герхард Мюллер бошқариб бормоқда — у мюнхенликлар учун барча турнирларда ҳайратланарли 570 та гол киритган.
Агар Кейн жароҳатлардан омон бўлса, ушбу мавсумда ҳатто 7-ўринга кўтарилиб олиши ҳам ҳақиқатга яқин — ҳозирда бу ўринни 145 та гол билан Дитер Хёнесс эгаллаб турибди.














