Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эроннинг “Истиқлол” клуби етакчиси Жалолиддин Машарипов футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийликда ўзини синаб кўрмоқчи эканини маълум қилди. Машарипов бу ҳақда “90 минут” лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Келажакда мураббий бўламан. Бунинг асосий сабаби – фаолиятим давомида кўплаб мутахассислар билан ишладим. Айрим мутахассисларни камситмаган ҳолда айта оламанки, ақлим улардан кам эмас”, дейди Машарипов.
Футболчи мураббийлик соҳасида “эски мактаб” вакиллари ва замонавий футбол масаласига ҳам тўхталди:
“Аввалги авлод мураббийларининг ўзига хос мактаби бўлган, бироқ бугун футбол ўзгариб бормоқда. Ёш мураббийлар замонавий футболни яхшироқ билади, тушунади. Афсуски, бугун ҳам ўзининг қотиб қолган принципларидан воз кеча олмайдиган мутахассислар йўқ эмас. Бундай ёндашув ривожланишга тўсқинлик қилади ва мураббийни маълум бир қолипга солиб қўяди. Шунинг учун эски услубни унутиш керак. Масалан, нега Гвардиола доим изланишда ва замонавий футбол тарафдори? Чунки у замонга тез мослашади, шунинг учун у ҳар доим бошқалардан олдинда юради. Ҳозир эски услуб билан ҳалигача натижа қилиб юрган бирорта мураббийни билмайман”.
Машарипов, шунингдек, “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов ва Самвел Бабаяндан сўнг “Андижон”ни бошқараётган Ислом Аҳмедовнинг ишига юқори баҳо берди.
“Замонавий мураббийларда кўпроқ хоҳиш бор – улар ақли, кўрган ва ўрганган билимларини аралаштириб, натижа кўрсата оляпти. Масалан, “Андижон” бош мураббийи Ислом Аҳмедов ҳам бунга мисол бўла олади. Бундан ташқари Ислом Исмоилов “Нефтчи”да фақат зўр футболчилар борлиги учун ғалабалар қайд этяпти дейиш нотўғри. Чунки Саудия Арабистонидаги U-17 Осиё чемпионатида ҳам у ўз даражасини кўрсатди. Ўша таркибдаги футболчилар ҳам жамоа сифатида зўр эди”, дейди миллий жамоа етакчиси.
33 ёшли футболчи мураббий учун кучли ёрдамчи мутахассис зарур эканини таъкидлади:
“Мен бирор жамоага бош мураббий бўлганимда, ёрдамчи сифатида ўзимдан кучлироқ мутахассисни таклиф қиламан. Бош мураббий учун уни яхши тушуна оладиган, тактик томондан маслаҳат берадиган ёрдамчи бўлиши зарур. Якуний қарор бош мураббий томонидан қабул қилинади. Кучли ёрдамчи сиз эътибор бермаган жиҳатларни кўра олади. “Пахтакор” футболчиси бўлган вақтимда Шота Арвеладзе шундай йўл тутган. У Питер Хюстрадан кўп фикр сўрарди. Агар ёнингизда кучли мутахассис бўлмаса, ўсиш имконсиз, ўз ғояларингиз билан ортда қолиб кетишингиз мумкин. Жисмоний, тактик ва таҳлилчи мураббийларни жамоага жалб этиш зарур”, деди “Истиқлол” футболчиси.
Машарипов жамоадошлари орасидан қайси футболчиларни ўз штабига жалб қилиши ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди:
“Жамоадошларимдан кимларни ёрдамчи сифатида таклиф қилар эдим: Жамшид Искандеровдан ақлли фикрлар чиқади. Жисмоний тайёргарлик бўйича Фарруҳ Сайфиевни олишим мумкин. У жуда кўп югуради, ҳатто футболни тугатганидан кейин ҳам. Дарвозабонлар мураббийи сифатида – Ўткир Юсупов. Бироқ бу уларнинг кейинги фаолиятига боғлиқ”.
Жалолиддин Машарипов суҳбат давомида жароҳатидан тикланиш жараёни яхши ўтганни ва Жаҳон чемпионатига қадар энг яхши ҳолатда майдонга қайтишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, у Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги рақобат, бош мураббий Фабио Каннаваронинг иш услуби ва ўйинчиларга муносабати ҳақида ўз фикрини билдирди.
Маълумот учун, Машарипов жароҳати сабаб узоқ муддат Эроннинг “Истиқлол” клуби ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларида иштирок эта олмаган эди.
У 2026 йил 1 январь куни Эрон Пролигаси доирасида “Сепаҳон”га қарши баҳснинг 73-дақиқасида майдонга туширилган ва 90-дақиқада яна алмаштирилган. Маълум бўлишича, Машариповда тиззасидаги жароҳат қайталаниши кузатилган ва футболчи 31 январь куни операция қилинган.













