«Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Хау жамоа эгаларининг клубни юқори чўққига олиб чиқиш истаги жорий натижаларга қарамай ўзгармасдан қолаётганини таъкидлади. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Раҳбариятнинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Қироллик суверен жамғармаси (PIF) LIV Golf турнирларига ҳомийлик қилишни тўхтатиши, бироқ «Ньюкасл» аввалги ҳажмда молиялаштирилиши қайд этилди. Ҳозирда жамоа АПЛда атиги 14-ўринда бораётган бўлса-да, раҳбариятнинг амбициялари пасайгани йўқ.
«PIF ҳақиқатан ҳам клубга бефарқ эмас, уларда узоқ муддатли стратегия мавжуд. Истак ўзгаришсиз қолмоқда — биз лига чўққисига чиқишни ва доимий равишда совринлар ютишни хоҳлаймиз», — деди Хау.
Клуб 2030 йилгача муваффақиятга эришишни мақсад қилган ва инфратузилмани ривожлантиришни — янги машғулот базасини қуришни, шунингдек, стадионни кенгайтириш ёки янгисига алмаштиришни режалаштирмоқда.













