АҚШнинг Техас штатидаги турнирга пиклбал жамоасини олиб кетаётган самолёт ҳалокатга учради, бортдаги беш кишининг бари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
Йўловчилар Amarillo Pickleball клуби аъзолари ҳисобланади, улар бўлган самолёт Уимберли шаҳрида 23:00 да қулаб тушган.
“Учувчи ва бортдаги тўрт йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди”, деди маҳаллий полиция сержанти Билли Рей.
Ҳодиса юзасидан АҚШ федерал органлари тергов олиб бормоқда.
“Улар ажойиб ўйинчилар эди. Ҳар дам олиш кунлари ўнлаб турнирлар бўлиб ўтади. Баъзилар бунга қизиқиб узоқ сафарга ҳам боради”, деди Amarillo теннис клуби президенти Ден Дайер.
У тадбирга бир вақтнинг ўзида Amarillo’дан иккинчи самолёт ҳам учганини айтди. Мазкур учоқ Нью Браунфелс аэропортига хавфсиз қўнган.
Таъкидланишича, авиаҳодисадан бир оз олдин Нью Браунфелс шаҳрида булутли об-ҳаво кузатилган, икки соатдан сўнг момақалдироқ бўлган. Тахминан 3000 аҳолига эга бўлган Уимберли ва 116 000 аҳоли яшайдиган Нью Браунфелс Техасдаги сайёҳлик манзилларидир.
Маълумот ўрнида, март ойида АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида жойлашган LaGuardia халқаро аэропортида Air Canada авиакомпаниясининг самолёти ўт ўчириш машинаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида икки нафар учувчи ҳалок бўлган эди.
Шунингдек, май ойида United Airlines авиакомпанияси самолёти Ньюарк аэропортига қўниш пайтида юк машинасининг кабинасига урилган. Ҳайдовчи жиддий жароҳат олмаган. Федерал хизматлар ҳодиса юзасидан текширув бошлаган.













