Испания футболининг янги авлод юлдузлари орасида алоҳида ажралиб турадиган иқтидорлардан бири – Пау Кубарси. Эндигина 19 ёшни қарши олган ҳимоячи қисқа вақт ичида нафақат «Барселона», балки Испания миллий жамоасида ҳам ўз ўрнини топишга улгурди. Пау Кубарси қуйидаги интервьюда асосан айнан «қизил фурия»даги ўрни ҳақида гапирди. У бўлажак жаҳон чемпионатига катта ишонч билан қарамоқда, албатта.
– Каталония футболи тарбияланувчиси Жоан Гарсиянинг Испания миллий жамоасига чақирилганини эшитганингизда, нималарни ҳис қилдингиз?
– Табиийки, фақат хурсанд бўлдим. Менимча Жоанни ўтган йилиёқ таркибга жалб этиш керак эди. Бинобарин, унинг муносиб ўйин кўрсатаётганига анча бўлди. Табиийки, янгиликни эшитгач, машғулотлар пайти Гарсияни чин дилдан қутладим ва аллақачон унинг вақти келганини айтиб, ҳаяжонланмаслиги кераклигини уқтирдим.
– Аргентина термасига қарши режалаштирилган Финалиссима ўйинининг қолдирилиши испаниялик футболчилар кайфиятига қандай тасир қилди?
– Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, Аргентина термаси ва айниқса, Мессига қарши ўйнаш иштиёқида ёнаётгандим. Афсус, бу амалга ошмади. Қолган жамоадошларимда ҳам бироз ачиниш ҳисси йўқ эмас. Очиғи, барчамиз жаҳон чемпиони билан куч синашиб кўришни хоҳлагандик. Начора, насиб этса, энди аргентиналиклар билан мундиалда тўқнашиш имкониятига эга бўламиз.
– Испания термаси режаларнинг кутилмаганда ўзгариб кетиши ортидан март ойидаги ФИФА кунлари нисбатан кучсизроқ рақиблар билан ўйнади. Сербия ва Миср термаларига қарши кечган ўртоқлик учрашувлари қандай таассурот уйғотди…
– Йўқ, бу масалада умуман муаммо кўрмадик. Зеро, қайси рақибларга қарши ўйнашимиздан қаъий назар, ҳаммамиз учун аввало, Испания термаси сафида уйғун амалиёт муҳим эди. Чунки қарийб 1 йил ичида бундай кенг таркиб билан илк марта йиғин олиб бордик. Қисқаси, катта оила сифатида шуғулландик. Оддий ифода этганда, Финалиссима бекор қилинган бўлсада, март ойи йиғинидан оқилона фойдаландик.
– Миср термасига қарши ўйиннинг Барселонада ташкил этилгани каталонияликларни ўзгача руҳлантириб юборгандир…
– Ҳа, бу ўйинда мухлислик даражаси яққол баланд бўлди. Ахир Испания термаси Барселонада ҳар доим ҳам ўйнайвермайди. Менимча, каталонияликлар терма жамоа ўйини баҳона чинакамига байрам қилишди.
– Испания термасида дебют ўйинини ўтказганингизга ҳам 2 йилдан ошди. Хўш, ортда қолган вақт мобайнида ўзингизда қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз?
– Бир зумда дебютимдан 2 йил ўтибди-я… «Қизил фурия» либосида илк марта майдонга тушганим, мени қандай ҳис-туйғулар қуршаб олгани кечагидек эсимда. Гарчи ўшанда атиги бир неча дақиқа ҳаракатланган бўлсамда. Муҳими, вақт ўтган сайин тинимсиз меҳнат ва иштиёқ эвазига мураббийлар штаби ишончини оқладим. Ўйлашимча, ортда қолган вақтда етарлича тажриба тўпладим, ўзига ишончи анча баланд дадил футболчига айландим.
– Болалик йилларидан айнан нималарни соғинасиз?
– Жуда оддий нарсаларни – кечки тамадди учун тинч-осуда жойга бориш ёки бемалол сайрга чиқишни… Умуман, асосан эркинликни қўмсайман. Шунинг баробарида тан олишим керак, катта футбол туфайли маълум машҳурликка эришгач, муайян имкониятларга эга бўлдим. Бу ҳам қайсидир маънода бахт аслида.
– Бўш вақтларда кўпроқ нималар билан шуғулланасиз?
– Дейлик, Жиронага, она қишлоғимга боришим мумкин. Энг яқин дўстлар ва танишлар даврасида вақт ўтказиш ҳамиша ёқимли. Шунингдек, у ерда ўзимни анча хотиржам сезаман, чунки ОАВ ҳамда жамоатчилик эътиборидан четда бўламан.
– Демак, Жиронада сизни ортиқча безовта қилишмайди…
– Шунақа. Ҳар ҳолда, кўчада эмин-эркин айланиб юриш мумкин. Тўғри, у ерда ҳам одамлар менга беэътибор қарашмайди. Баъзида мухлислар олдимга келиб, бирга суратга тушиш ёки дастхат беришимни сўрашади. Лекин Жирона дейлик, Барселонага нисбатан анча сокин, барибир.
– Ҳозир 19 ёшдасиз, ўзингизни «Барселона»да етакчи каби тута оласизми?
– Ҳа. Негаки, «Барса» каби катта клубларда майдонга тушган исталган футболчи жамоа менталитетини ҳис қилиши ва ўз фикрини шерикларига бевосита етказа олиши шарт. Қолаверса, мураббийлар ҳам футболчилардан неча ёш бўлишларидан қатъий назар, етакчилик фазилатларини намоён этишларини талаб қилишади. Бинобарин, ҳар қандай иқтидор айнан етакчилик фазилатларини шакллантириш асносида ўсишга эришади.
– Дейлик, кийиниш хонасида Левандовски ёки Рафиньяга бирор нима дейишни истасангиз, «Булар мени тинглашармикин?» қабилида ўйлаб қолишингиз ҳам мумкинми?
– Бошида шундай эди. Аниқроғи, 17 ёшда бироз тортинчоқ ва уятчан бўлганимдан ўз фикримни дангал айтишга ботинолмасдим, ҳатто кийиниш хонасида баъзан ҳазилкаш футболчилар учун асосий «нишон»га айланардим. Муҳими, улғайган сари барчаси ортда қолди. Ҳозир баъзан ҳатто жамоа етакчиларига ҳам дўқ уришим мумкин (кулади). Умуман, ички муҳит аъло даражада.
– ЖЧ-2026 старти тобора яқинлашмоқда. Испания термаси имкониятини қандай баҳолайсиз?
– Бизда ажойиб ижрочиларга эга кучли терма жамоа шаклланган. Менимча, буни 2 йил олдинги Европа чемпионатида ҳам исботладик. Албатта, бўлажак турнирдан умидимиз катта. Эътиборлиси, Испания термасида ёшлигидан юқори марраларни забт этиб келаётган авлод вакиллари жамланишган. Хусусан, мен қатори Олимпиадада ўзларини кўрсатган аксарият йигитлар ҳозир бош жамоадалар. Шундай экан, мундиалга фаворитлар қаторида борамиз.
Х.ЮСУПОВ тайёрлади













