«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ярим ҳимоячи Фил Фоден билан шартномани узайтириш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берди.
Аввалроқ инсайдер Дэвид Орнштейн «шаҳарликлар» 25 ёшли футболчи билан 2030 йилгача мўлжалланган янги келишув борасида келишиб олгани ҳақида хабар тарқатган эди. Фоденнинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар давом этади.
«Мен спорт директоридан бу ҳақда сўрадим. Унинг айтишича, томонлар келишувга жуда яқин келишган ва умид қиламанки, тез орада бу амалга ошади. Бироқ ҳозирча масала тўлиқ ҳал бўлгани йўқ», — дея Гвардиоланинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.
Маълумот учун, Фил Фоден «Манчестер Сити» академияси тарбияланувчиси бўлиб, 2017 йилдан буён асосий жамоада тўп суриб келмоқда. Жорий 2025/26 йилги мавсумда футболчи барча мусобақаларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали инглиз футболчисининг бозор қийматини 80 миллион еврога баҳоламоқда.













