Фред Рюттен Жаҳон чемпионати бошланишига бир ой қолганда Кюрасао терма жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда Кюрасао футбол федерацияси (FFK) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 63 ёшли мутахассис жамоадаги ички низолар фонида шундай қарорга келган: футболчилар ва ҳомийлар терма жамоани ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига олиб чиққан Дик Адвокатни лавозимига қайтаришни талаб қилишган.
«Ўйинчилар ва ходимлар ўртасидаги соғлом профессионал муносабатларга путур етказадиган муҳит юзага келишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу вазиятда ортга қадам ташлаш оқилона қарордир. Вақт кутиб турмайди, Кюрасао эса олдинга ҳаракат қилиши керак», — деди Рюттен.
Эслатиб ўтамиз, 78 ёшли Дик Адвокат шу йилнинг февраль ойида қизининг соғлиғидаги жиддий муаммолар сабабли Кюрасао бош мураббийлигидан кетган эди. Нидерландия ОАВларининг хабарига кўра, қизининг аҳволи яхшилангани боис тажрибали мураббий ишга қайтишга тайёр.
ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Кюрасао терма жамоаси Германия, Эквадор ва Кот-д'Ивуар билан куч синашади.













