“Арсенал” вингери Леандро Троссарднинг шахсий ҳаётида мураккаб вазият юзага келди. Унинг рафиқаси Лора Хилвен ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан белгиялик футболчига оид барча постларини ўчириб ташлади. Ушбу кутилмаган “тозалаш” Лондон клубининг Англия Премьер Лигаси ва Чемпионлар Лигаси бош соврини учун курашаётган энг муҳим паллада юз берди.
Троссарднинг оиласи атрофидаги шубҳа-гумонлар унинг рафиқаси Лора Хилвен ўзининг Instagram профилдаги барча суратларни тозалаб ташлаганидан кейин янада кучайди. 33 ёшли Лора “Арсенал” юлдузи билан тушган ҳар бир суратни, жумладан, тўй кунидаги унутилмас лаҳзалар ва таътилдаги кўплаб хотираларни ўчириб юборган. Кузатувчиларнинг қайд этишича, Хилвен декабрь ойи бошидан бери никоҳ узуги билан тушган бирорта ҳам сурат жойламаган, бу эса уларнинг муносабатлари борасидаги хавотирларни янада оширмоқда.
Деярли 13 йилдан бери бирга бўлган ва 2019 йилда турмуш қурган ушбу жуфтлик илгари интернетда бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббатларини очиқ намойиш этиши билан танилган эди. Вазиятдан хабардор манбанинг маълум қилишича, муносабатлар кескин ўзгарган:
“Лора аввал Instagram саҳифасига Леандро билан тўй кунлари, таътиллар ва учрашувлардан жуда кўп расмлар жойлар эди, бироқ ҳозир уларнинг барчасини ўчириб ташлади. Агар кимдир ҳозир унинг профилига кирса, уларнинг турмуш қурганини мутлақо тасаввур қила олмайди”, дейилади хабарда.
Ижтимоий тармоқдаги ушбу “тозалаш” нафақат оилавий суратларни, балки Лоранинг “Эмирейтс” стадионида Троссардни қўллаб-қувватлаб тушган расмларини ҳам қамраб олган.
Мухлислар, шунингдек, унинг сўнгги постларида турмуш тарзи ўзгарганига ишора қилувчи ҳолатларга эътибор қаратишган. Жорий йилнинг 2 март куни жойланган суратда унинг никоҳ узуги кўринмаган. Бунга қадар у ўз муносабатларидаги муҳим воқеаларни мунтазам равишда саҳифасига жойлаб борар эди.
Шахсий ҳаётдаги ушбу тартибсизлик Микель Артета жамоаси учун жуда ноқулай вақтга тўғри келди. Троссард жорий мавсумда “Манчестер Сити” билан Премьер Лига тахти учун курашаётган “Арсенал” таркибида жуда муҳим футболчи бўлиб келмоқда. Бельгиялик ўйинчи “Вест Ҳэм” устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги қийин ғалабада ҳал қилувчи голни уриб, ўз қийматини кўрсатган ва “канонирлар”нинг чемпионлик пойгасидаги устунлигини сақлаб қолишга ёрдам берган эди.
Шахсий ҳаётидаги мураккаб вазиятга қарамай, Троссард ўзининг профессионал бурчига эътибор қаратишда давом этмоқда. Шунингдек, у Будапештда “Париж Сен-Жермен”га қарши бўлиб ўтадиган Чемпионлар Лигаси финалида ҳам муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.
Маълумот учун, Троссард жорий мавсум “Арсенал” сафида барча мусобақалар доирасида 50 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 20 миллион еврога баҳоламоқда.













