«Интер»нинг собиқ ҳужумчиси Кристиан Вьери аргентиналик тўпурар Лаутаро Мартинес клуб тарихидаги энг яхши ҳужумчи бўлишига ишонмоқда.
«У «Интер» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиши мумкин. Лаутаро Альтобеллини, балки ҳатто Жузеппе Меаццани ҳам ортда қолдирар. Гарчи Меаццанинг натижасигача яна юзта гол бор бўлса-да, у гол уришда давом этади. Унинг олдида юқори даражада ўйнайдиган ҳали кўп йиллари бор», — дея Вьерининг сўзларини келтиради derbyderbyderby.it нашри.
Эслатиб ўтамиз, Лаутаро Мартинес 2018 йилдан бери «Интер» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда у жамоаси билан биргаликда яна бир бор Италия чемпионига айланди.













