«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа ярим ҳимоячиси Родрининг ҳолати ҳақида гапириб ўтди. «Шаҳарликлар» сўнгги тўртта ўйинни 29 ёшли футболчисиз ўтказишга мажбур бўлишди — у яна жароҳат олиб, сафдан чиққан.
Жамоа устози таянч ярим ҳимоячисининг йўқлиги таркибга қандай таъсир қилаётгани ҳақида тўхталди.
«Родри ўз спорт формасида бўлганида, ўз позициясида дунёнинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. У билан жамоа ўзини анча ишончли ҳис қилади. Бироқ ҳозир Ковачич сафга қайтмоқда, шунингдек, Нико Гонсалес ҳам бизга жуда катта ёрдам беряпти. Ўтган баҳсда Бернарду Силва ўзини ҳар томонлама кўрсата олди. Мен бундан жуда мамнунман», — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, бугун «Манчестер Сити» ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни қабул қилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.













