Англия Премьер-лигасининг навбатдаги турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалабадан сўнг «шаҳарликлар» пешқадам «Арсенал» билан орадаги фарқни 2 очкогача қисқартиришди.
Шунга қарамай, чемпионлик тақдири ҳамон «канонирлар» қўлида: Лондон клуби қолган икки ўйинда ғалаба қозонса, 22 йиллик танаффусдан сўнг илк бор чемпионликни қўлга киритади.
«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Фил Фоден жамоасининг имкониятларини юқори баҳоламоқда.
«Биз «Арсенал»га босим ўтказишда давом этишимиз, уларни ҳаяжонда ушлаб туришимиз керак. Сўнгги турда ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин. Мен буни кўп марта бошдан кечирганман: баъзан ҳаммаси омадсиз тугаётгандек туюлади, лекин якунда ғалаба қозонамиз. Хуллас, биз ўз ишимизни қилишда давом этишимиз шарт», – деди Фоден Sky Sports нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, АПЛнинг сўнгги икки турида «Сити» «Борнмут» ва «Астон Вилла»га қарши майдонга тушади. Унгача эса Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия Кубоги финалида «Челси» билан куч синашади.













