Италия футбол федерацияси президентлигига номзодлардан бири Жованни Малаго Пеп Гвардиолани миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда La Repubblica нашри хабар бермоқда.
Ушбу лавозимга Массимилиано Аллегри номзоди ҳам кўриб чиқилаётган бўлса-да, айнан Гвардиола Малаго учун асосий мақсад ҳисобланади. Испаниялик мутахассиснинг «Манчестер Сити» билан шартномаси яна бир йил давом этади. Англиядаги фаолиятини якунлагач, у танаффус олиши мумкин, бироқ миллий терма жамоадаги иш эҳтимолий муроса сифатида кўрилмоқда.
Асосий масала молиявий томонга боғлиқ: Гвардиоланинг «Манчестер Сити»даги маоши йилига тахминан 23 миллион еврони ташкил қилади, Италия терма жамоасининг аввалги мураббийлари эса бундан анча кам маош олишган.
Федерация президентлиги учун сайловлар 22 июнь куни бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, Италия терма жамоаси қаторасига учинчи бор Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолганидан сўнг бош мураббийсиз ва федерация раҳбариятисиз қолган эди.













