Мадриднинг «Реал» клуби чап қанот ҳимоячиси Фран Гарсия мавсум якунланганидан сўнг жамоани тарк этиши мумкин. Бу ҳақда таниқли инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, қишки трансфер ойнаси вақтида, яъни январь ойида «Реал» раҳбарияти Гарсиянинг «Борнмут» клубига ижарага ўтишини блоклаб қўйган эди. Бироқ футболчи ёзда яна кетишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи. Маълумотларга кўра, 26 ёшли испаниялик ҳимоячи фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириш вариантларини ўрганмоқда.
Шундай бўлса-да, «Реал»нинг асосий ҳимоячиси Ферлан Мендининг жиддий жароҳат олгани Фран Гарсиянинг Мадриддаги тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Жамоадаги кадрлар муаммоси сабабли клуб уни қўйиб юбормаслиги эҳтимоли бор.
Жорий мавсумда Фран Гарсия «қаймоқранглилар» сафида барча турнирларда 22 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг «Реал» билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчини 12 миллион еврога баҳоламоқда.













