Манас шаҳридаги «Барселона» академияси мураббийи, ўзбекистонлик мутахассис Рафаэль Муслимов Абдуқодир Ҳусановнинг Каталония футболи услубига мос келиши ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, ўзбек ҳимоячиси ёшлик даврида Европа академиясида тарбия олмаган бўлса-да, ўйин хусусиятлари жиҳатидан «Барселона» моделига тўғри келади.
“Ҳусанов Каталония футболига тўлиқ мос келади. Унда Гвардиола ҳимоячиларда қадрлайдиган сифатлар бор: тезлик, жисмоний куч, агрессивлик, футбол интеллекти ва ўрганиш қобилияти. Шунинг учун ҳам Пеп уни муҳим футболчига айлантирди. Гвардиола унинг кучли томонларини тушунади ва ўз моделида қандай фойдаланишни билади”, — деди Муслимов.
Мураббийнинг фикрича, Ҳусановнинг тезлиги юқори чизиқда ўйнайдиган жамоалар учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
“Бундай тизимда ҳимоя ортида қоладиган бўш ҳудудларни ёпиш, рақибни қувиб етиш ва яккакурашларга киришиш учун тезлик зарур. Ҳусановда бу сифат бор. У тезлигидан тўпни олиб қўйиш, босим қилиш ва ҳужумларга қўшилишда самарали фойдалана олади”, — деди у.
Шунингдек, Муслимов ҳимоячининг футбол интеллекти ва тез ўрганиш қобилиятини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Гвардиола ва умуман «Барселона» моделида ҳимоячи ўйинни яхши тушуниши керак: ҳужум ривожини олдиндан ҳис қилиш, тўғри позиция танлаш ва босим остида қарор қабул қилиш муҳим.
Агар Пеп Ҳусановни ақлли ва тез ўрганувчи футболчи деб айтган бўлса, демак у ўз тизимига мослаштириш мумкин бўлган ўйинчини кўрмоқда. Шу боис Абдуқодир Каталония клубига ҳам мослаша оларди”, — дея қўшимча қилди мутахассис.













