U-17 Осиё кубоги чорак финалидан ўрин олган Ўзбекистон — Жанубий Корея учрашуви ҳақиқий драматик сценарий асосида кечди. Муросасиз ва кескин руҳда ўтган баҳсда ўсмирларимиз ирода намоён этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳар икки жамоа фаол ҳаракат қилди. Жанубий Корея тўп назоратига эътибор қаратган бўлса, Ўзбекистон тезкор қарши ҳужумлар орқали хавф яратишга уринди. Илк бўлим ўрталарига келиб кореяликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди ва ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.
Ўтказиб юборилган голдан кейин ўзбекистонлик футболчилар босимни оширди. Ҳужумларда фаоллик кучайгани ўз самарасини 41-дақиқада берди. Аҳрор Равшанбеков рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим сўнгги дақиқаларида эса ўша Равшанбеков яна бир бор ўз маҳоратини намоён этди ва дубль қайд этиб, Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Танаффусдан кейин Жанубий Корея янада фаол ҳаракат қила бошлади. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби таркибга бир қатор ўзгаришлар киритиб, ўйин темпини сақлаб қолишга уринди. Майдонда кураш кескин тус олди ва ҳар бир эпизодда юқори суръат кузатилди.
Беллашувнинг ҳал қилувчи паллаларида кореяликлар босимни янада кучайтирди. Натижада 88-дақиқада рақиб ҳисобни тенглаштиришга эришди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунлангач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди.
Пенальтилар сериясида эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси совуққонлик билан ҳаракат қилди. Футболчиларимиз барча зарбаларни аниқ амалга оширган бўлса, Жанубий Корея бир марта хатога йўл қўйди. Шу тариқа, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси драматик баҳсдан кейин ярим финалга йўл олди.
Чигодаев жамоаси ярим финалда Японияга қарши майдонга чиқади. Ўйин 19 май куни Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.
U-17 Осиё кубоги, чорак финал
ЎЗБЕКИСТОН - ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - 2:2. Пенальтилар серияси — 5:3
Голлар: Аҳрорбек Равшанбеков (41, 45+2) — Мун Жи-Хван (22), Ан Сун-Хюн (88)













