«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола мавсум якунида клубни тарк этиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
– Шартномам тугашига яна бир йил бор, деб айтган бўлардим. Менинг тажрибамдан келиб чиқиб айтсам: мавсум давомида эълон қилинадиган ҳар қандай баёнот — жуда ва жуда ёмон натижага олиб келади.
Биринчи навбатда мен бошқарув раиси билан гаплашиб олишим керак. Мавсум якунлангач, биз биргаликда қарор қабул қиламиз. Вазиятга қараймиз, гаплашамиз — тамом. Қарорни ўшанда қабул қиламиз.
– Демак, ҳали якуний қарор қабул қилинмади?
– Шартномам бўйича яна бир йилим бор. Бу ерда сизларга ҳеч нарса демайман, чунки аввало буни директор, футболчилар ва мураббийлар штаби билан муҳокама қилишим керак.
Мен ушбу клубда ишлаётганим сабабли сайёрамиздаги энг бахтли инсонман. Бу клуб — алоҳида бир олам, — деди «шаҳарликлар» бош мураббийи.













