«ПСЖ» ҳужумчиси Усмон Дембеле клубдаги келажаги ҳақидаги саволга жавоб берди. Футболчининг амалдаги шартномаси икки йилдан кейин якунига етади, узайтириш бўйича музокаралар эса ҳозирча олиб борилаётгани йўқ. Шунга қарамай, 29 ёшли футболчининг ўзи жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақидаги барча миш-мишларни рад этмоқда.
«Кейинги мавсумда «ПСЖ»да қолишимга 100 фоиз ишончим комил. Шартномам 2028 йилда тугайди, барчаси кўнгилдагидек кечмоқда. Клубда ҳамма билан — жамоадошларим, ходимлар ва президент билан муносабатларим жуда яхши. Кўрамиз, менга янги шартнома таклиф қилишадими ёки йўқ, лекин мен «ПСЖ»да бахтлиман ва бу ерда узоқ вақт қолишга умид қиламан», — дея «Rothen s'enflamme» кўрсатувига берган интервьюсида баёнот берди Дембеле.
Яқиндагина «Олтин тўп» соҳиби 30 май куни «Арсенал»га қарши бўлиб ўтадиган Чемпионлар лигаси финал учрашувига қадар жароҳатидан тўлиқ соғайишга улгуришини ҳам шаъма қилиб ўтган эди.













