Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, мураббийлар штаби ҳамда соҳа мутахассислари билан тантанали учрашув ўтказмоқда.
Давлатмиз раҳбари учрашув аввалида бутун халқимизни ва кўп миллионли футбол мухлисларини яқинлашиб келаётган катта футбол байрами — АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026 мусобақаси олдидан самимий қутлади.
— Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди. Чунки улар ҳар бир ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи билан фақат ғалаба учун майдонга тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади. Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, майдонда жасорат ва маҳорат кўрсатган футболчиларимизга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларига ташаккур изҳор этаман.
Президент ўз нутқида терма жамоамизнинг ушбу тарихий ғалабаси жамиятнинг барча қатламларига, хусусан, маданият, санъат ва тадбиркорлик соҳаларига ҳам улкан ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида эътироф этди:
— Бугунги учрашувимизда таниқли шоир, адиб ва санъаткорларимиз ҳам иштирок этяпти. Улар майдонда жасорат ва матонат кўрсатган футболчиларимиз ҳақида янги шеър ва асарлар ёзмоқда, қўшиқ ва мадҳиялар яратмоқда. Тадбиркорларимизни айтмайсизми. Улар ҳам аллақачон ҳаракатни бошлаб юборган. Бизнес вакиллари сизлар орқали миллий брендини дунёга танитяпти, янги бозорларга чиқяпти. Азиз фарзандларим, кўряпсизларми? Сизлар нафақат спорт ривожига ҳисса қўшяпсиз, балки тадбиркорларимизга янги имкониятлар эшигини очиб, адабиёт ва санъат аҳлига янги илҳом, янги руҳ ва қанот беряпсиз. Ёшларимизга ҳақиқий ўрнак бўлдингиз. “Мен ҳам машҳур футболчи бўламан” деган болажонларимиз сафи кўпайиб бормоқда. Халқимиз сизлар билан доим фахрланади!
Давлатмиз раҳбари мамлакатимизда спортга, хусусан, футболга қаратилаётган тизимли эътибор ушбу муваффақиятларга мустаҳкам замин бўлганини таъкидлади. Охирги йилларда республика бўйлаб 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлагани, 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада спорт майдончалари қурилгани қайд этилди. Пойтахтимиздаги замонавий Олимпия шаҳарчаси ҳамда Юқори Чирчиқдаги “Миллий футбол маркази”, шунингдек, ҳар бир вилоятда профессионал футбол академиялари ва мактаблари ташкил этилгани бунга ёрқин мисолдир.
Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошган бўлса, профессионал футболчилар сони 17 минг нафарга етди.
— Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчилик деган иллатларга барҳам берилди, — дея таъкидлади Президент. — Очиқ ва шаффоф тизим яратилди. Бу енг иқтидорли ёшларни, ростакам истеъдодларни катта майдонга олиб чиқди. Биз учун футбол нафақат профессионал спорт тури, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватанпарварлик мактаби бўлади.
Учрашувда футбол оммавийлигини янада ошириш мақсадида янги йирик ташаббусга старт берилиши маълум қилинди:
— Энди юртимиздаги ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади. Бунинг учун “Ҳар бир маҳалла – футбол майдони” дастури бошланади. Бу умуммиллий ҳаракатга айланади.
Дастур доирасида “Маҳалла лигаси” ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилиши белгиланди. Ендиликда ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичидан иборат анънавий мусобақалар ўтказилади. Ушбу тизим энг яхши иқтидорларни селекция қилишда профессионал клублар учун тайёр база вазифасини ўтайди.













