Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель ҳужумкор ярим ҳимоячи Коул Палмернинг Жаҳон чемпионати учун эълон қилинган таркибдан жой олмаганига изоҳ берди. Немис мутахассиси танлаган таркиб кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди ва «Челси» юлдузининг рўйхатга киритилмагани энг баҳсли қарорлардан бири сифатида қабул қилинди.
«Палмер клубида унчалик яхши даврини ўтказмаяпти — ҳозир у «Челси» учун ўтган мавсумлардаги каби муҳим ва таъсирли ўйинчи эмас. Терма жамоада ҳам у ҳар қандай ҳолатда чақирилиши керак бўлган даражада ўзини кўрсата олмади. Реаллик шундай. Коул бир неча бор жароҳатлар сабабли сафдан чиқди. Уни таркибга киритиш учун кўплаб сабаблар топиш мумкин, у кучли характери туфайли ҳал қилувчи дақиқаларда ўзини кўрсата олади, аммо бунинг учун яхши ўйин формасида бўлиш керак. Мен футболчиларни фақатгина номи учун терма жамоага чақирмайман. Қийин қарор қабул қилиб, кимнидир таркибга киритмаслик маъқулроқ», – деди Тухель Daily Mail нашрига берган интервьюсида.
Англия терма жамоаси Жаҳон чемпионатида Хорватия, Гана ва Панама жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган.













