Кириш Регистрация

Фрэнк Лэмпард – Англияда йилнинг энг яхши мураббийи: «Ковентри» устози Артета ва Гвардиолани ортда қолдирди

Баҳо:
+ | -

«Ковентри» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард Англия Мураббийлар ассоциацияси (LMA) версиясига кўра йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. ESPN хабарига кўра, мутахассис ушбу эътирофга «Ковентри»ни 2001 йилдан буён илк бор АПЛга олиб чиққани ва Чемпионшипда ғолиб бўлгани учун сазовор бўлди.

Муваффақиятли мавсум Лэмпардга аввалига дивизионнинг энг яхши мураббийи совринини, сўнгра эса лигадан қатъи назар йилнинг энг яхшисига бериладиган «Сэр Алекс Фергюсон» кубогини келтирди.

Совринни топшириш маросимида сэр Алекс Фергюсон саломатлиги туфайли иштирок эта олмади. Унинг ўрнига мукофотни Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель топширди ва афсонавий мураббийнинг шахсий мактубини ўқиб эшиттирди:

«Қадрли Фрэнк, сени LMA версияси бўйича йилнинг энг яхши мураббийи деб топилганинг билан табриклайман. Сен ва жамоанг эришган ютуқлардан фахрланишинг керак. Мураббий ва етакчи сифатидаги шахсиятинг жамоа ўйинида яққол намоён бўлди. Бу мавсумда жамоанг ишончли ва жозибали футбол кўрсатди. Сени кузатиш менга завқ бағишлади. Суҳбатларимиздан биламанки, сенга камтарлик ва ўрганишга бўлган интилиш каби муҳим хислатлар хос. Ишончим комилки, бу соврин сен учун жуда катта аҳамиятга эга. Келаси мавсум АПЛда омад тилайман», — дейилади мактубда.

Таъкидлаш жоизки, йилнинг энг яхшиси бўлиш учун даъвогарлар орасида Микель Артета, Кит Эндрюс, Майкл Каррик, Пеп Гвардиола, Андони Ираола ва Режис Ле Брис каби номлар бор эди. Микель Артета эса АПЛнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

Киритилди: 11:27, 27.05.2026.
Ўқилди: 382 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик