Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро «Марказий сектор» лойиҳасига берган интервюсида таркибдаги энг катта йўқотиш ҳақида гапирди.
Италиялик мутахассис суҳбат давомида жароҳат олган ҳимоячи Ҳусниддин Алиқуловнинг йўқлиги жамоа учун сезиларли бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтган.
«Биз жуда яхши ҳимоячини йўқотдик. Мен жамоага эндигина келган вақтимда у мени ҳайрон қолдирган ва жуда ижобий таассурот уйғотган эди. Ўша пайтда ҳамма эътиборини Ҳусановга қаратаётган бир пайтда, менинг диққатимни айнан Ҳусниддин Алиқулов тортганди. Биз жуда муҳим футболчидан айрилдик», — дейди бош мураббий Даврон Файзиев билан суҳбатда.
Каннаваронинг қўшимча қилишича, футболчи аввал ҳам шундай муаммога дуч келган ва ҳозирда уни тиклаш устида жиддий иш олиб борилмоқда.
«Билишимча, у Осиё Кубогида ҳам шундай жароҳат олган экан. Бу, албатта, афсусланарли ҳолат. Ҳозирги вақтда физиотерапевт ва шифокорларимиз билан биргаликда унинг соғлиғини тиклашга ҳаракат қиляпмиз. Ҳатто уни Америкага олиб кетишга ҳам уриндик. У менинг мураббийлар штабим назоратида ишлашда давом этиши керак. Уни Осиё Кубогигача тайёрлаб, турнирга биргаликда йўл олишга ҳаракат қиламиз», — дея таъкидлади италиялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги илк учрашувини 18 июн куни Колумбияга қарши ўтказади. Вакилларимиз иккинчи турда Португалия, учинчи турда эса Конго терма жамоаси билан куч синашади.













