Испания терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига бирорта ҳам «Реал» футболчисисиз йўл оладиган бўлди. Мадрид клуби собиқ дарвозабони Икер Касильяс ушбу ҳолатга ўз фикрини билдирди.
«Реал» академияси тарбияланувчиси ва испан сифатида, клубдан терма жамоага ҳеч ким чақирилмагани мени бироз хафа қилмоқда. Буни қабул қилиш оғир», — деди Касильяс.
Шундан сўнг Жерар Пике Касильясга: «Терма жамоада «Барселона»нинг бир йўла 8 нафар вакили борлиги сизга янада оғирроқ ботмаяптими?» — деган савол билан юзланди.
«Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Терма жамоада «Барселона»нинг шунчалик кўп футболчиси бўлиши учун клуб молиявий инқирозни бошидан ўтказишига тўғри келди. Бу эса уларни академияга суянишга мажбур қилди», — дея Касильяснинг сўзларини келтирмоқда Marca нашри.
ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Испания терма жамоаси Кабо-Верде, Саудия Арабистони ва Уругвайга қарши баҳс олиб боради.













