Англиянинг «Кристал Пэлас» клуби ярим ҳимоячиси Адам Уортон ёзда жамоани тарк этадиган бош мураббий Оливер Гласнер ҳақида ўз фикрларини билдирди. Эслатиб ўтамиз, 27 май куни «Кристал Пэлас» Конференциялар лигаси финалида Испаниянинг «Райо Вальекано» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди.
«Бу унинг «Пэлас» бош мураббийи сифатидаги сўнгги ўйини эди... У икки ярим йил ичида амалга оширган ўзгаришлар шунчаки ҳайратланарли. «Кристал Пэлас» учун учта кубок — клуб тарихидаги илк учта соврин — бу ақл бовар қилмас натижа. Сўзсиз, у жамоа тарихида ишлаган энг яхши мураббийлардан биридир.
У клубнинг бугунги даражага чиқишига улкан таъсир кўрсатди. Энди биз нафақат Премьер-лигада жон сақлаш ёки Европада ўйнаш, балки иложи борича юқорироққа кўтарилиб, ғалаба қозонишга интиляпмиз», — деди Уортон.













