«Барселона» сардори Рональд Араухо футболчилик фаолиятининг дастлабки йилларида ҳужумчи сифатида тўп сурганини эслади. Уругвайлик футболчи кейинчалик қандай қилиб марказий ҳимоячига айлангани ҳақида Barca Universal нашрига гапириб берди.
«Ҳаммаси аста-секинлик билан юз берди. Ёшлигимда ҳужумда ўйнашни ва гол уришни яхши кўрардим, лекин ёшим улғайгани сари мени майдонда ортга сура бошлашди. Уругвай чемпионатида ўйнаб юрган кезларим, мураббий мендан бир ўйинда марказий ҳимояда синаб кўришни илтимос қилди. Ўшанда 20 дақиқа ичида ҳеч ким мени алдаб ўта олмаганди. Ўшандан бери ҳимоячиман», — дейди Араухо.
Футболчи ўз мураббийининг ўша вақтдаги маслаҳати унинг тақдирини ҳал қилганини таъкидлайди: «Мураббийнинг гаплари ҳалигача ёдимда: «Агар ҳужумда ўйнамоқчи бўлсанг, ўртамиёна футболчи бўлиб қоласан. Агар топ-даражага чиқмоқчи бўлсанг, ҳимояда ўйна». У мени шу тариқа кўндирганди».
Эслатиб ўтамиз, Араухо 2018 йилда «Бостон Ривер»дан харид қилинган. У ўтган мавсумда 38 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та голга муаллифлик қилди. Баъзи учрашувлар сўнгида эса мураббийлар штаби уни ҳужум чизиғига ҳам ўтказиб туради.













