Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри «Бавария» бош мураббийи Венсан Компани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Дастлаб кўпчилик уни «Бавария»даги иш учун мос номзод эмас деб ҳисоблаганди, аммо у вазифани аъло даражада уддалаяпти. У каби инсон ўз ўрнига — уни тушунадиган одамлар даврасига тушиб қолса, сиз бугунги «Бавария»ни кўрасиз.
Мен Бельгия терма жамоасида мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган пайтларимда у билан бирга фаолият юритганман. Ўшандаёқ унинг нақадар ақлли эканлиги кўриниб турарди. У кўплаб тилларда гаплаша олади ва нима хоҳлашини жуда аниқ билади. У иккиланиб ўтирмайди. Компани кучли етакчи ва агар унга мос футболчилар берилса, натижа кўрсата олишини исботлади.
«Бавария» раҳбарияти «Бёрнли»нинг АПЛни тарк этганига қарамай, уни таркибга қўшиб олгани учун катта мақтовларга лойиқ. Чунки улар Венсанда клубнинг ички қадриятларига мос келадиган хусусиятни кўра билишди. Бу жуда оқилона қарор эди», — дея Анрининг сўзларини келтиради Sport Illustrated.
Эслатиб ўтамиз, Венсан Компани «Бавария»ни 2024 йилда қабул қилиб олган эди. Якунига етган мавсумда Мюнхен клуби унинг қўл остида Германия чемпионати (Бундеслига), Германия Кубоги ва Германия Суперкубогида ғолиб чиқди.













