Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Райан Шерки ўртоқлик учрашувида Кот-д'Ивуардан учралган мағлубиятга (1:2) изоҳ берди.
«Албатта, биз Клерфонтенда ва бутун мавсум давомида кўп меҳнат қилдик. Бироз чарчоқ бор, аммо асосий мақсад — 16 июнь кунги ўйинда яхши ҳаракат қилиш. Биринчи бўлимда тўпни яхши назорат қилдик. Иккинчи бўлимда эса кўплаб ўзгаришлар амалга оширилгани сабабли қийинроқ бўлди. Бу бизни янада диққат-эътиборли бўлишга ундайдиган кичик огоҳлантириш қўнғироғидир.
Жаҳон чемпионатига биз фаворит сифатида бормаймиз, лекин ҳаммани янчиб ташлаймиз. Майкл Олисе билан эса гаплашмасдан ҳам бир-биримизни тушунамиз. Бизда ўйинни ҳис қилиш қобилияти бор. Жамоамиздаги ҳамжиҳатлик шунчаки ақл бовар қилмайдиган даражада», — дея Шеркининг сўзларини келтиради L'Equipe нашри.
Жаҳон чемпионати-2026 да Франция «I» гуруҳида Сенегал, Ироқ ва Норвегия билан, Кот-д`Ивуар эса «E» гуруҳида Германия, Кюрасао ва Эквадор билан баҳс олиб боради.
Душанба куни Франция ЖЧ-2026 олдидан сўнгги ўртоқлик учрашувини Шимолий Ирландияга қарши ўтказади.













