Испания миллий терма жамоаси устози Луис де ла Фуэнте Ироқ терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан сўнг ўз фикрларини билдирди. Мазкур баҳсда жамоалар кутилмаганда 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишди.
«Ушбу учрашувда биз бошқа футболчиларга ҳам имконият бердик. Мундиалга тайёргарликнинг янги босқичи бошланди. Ироқ терма жамоасининг ўйини мени ёқимли тарзда ҳайратда қолдирди. Бу жуда қизиқарли рақиб экан. Улар бизга кўплаб муаммоларни туғдиришди ва жиддий босим ўтказишди», — дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтиради AS нашри.
Эслатиб ўтамиз, Испания терма жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Уругвай, Кабо-Верде ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари билан тўқнаш келади. Ушбу нуфузли турнир 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.













