«Ливерпуль» сардори Виргил ван Дейк якунланган мавсум ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Қизиллар» мавсумни Англиянинг амалдаги чемпиони сифатида бошлашган эди, бироқ қимматбаҳо трансферларга қарамай, муваффақиятсизликка учрашди. Арне Слот жамоаси чемпионатни бор-йўғи бешинчи ўринда якунлади ва бирорта ҳам соврин юта олмади. Май ойининг охирида эса бош мураббий истеъфога чиқарилди.
«Бу фаолиятимдаги энг оғир мавсум бўлди — айниқса, руҳий томонлама. Тўхтовсиз кўтарилиш ва пасайишлар... Бизда барқарор ўтган даврнинг ўзи деярли бўлмади. Баъзида ажойиб ўйинлар ўтказиб, кетидан яна ҳамма нарсани барбод қилардик. Бу йил «Ливерпуль»нинг бошига жуда кўп нарса тушди. Ҳаммаси Диогу (Жота) ҳақидаги даҳшатли хабарни эшитган лаҳзамдан бошланди ва Салоҳ ҳамда Робертсон учун клубдаги сўнггиси бўлган охирги тур учрашуви билан тугади. Мен майдонда ўтириб, саккиз йил давомида бирга тўп сурган мана шу икки йигитга тикилиб қолдим. Бу ерда ўйнаётган вақтимдан бери ҳали ҳеч қачон бунақа туйғуни бошдан кечирмагандим», — дея Anything Liverpool нашри Ван Дейкнинг сўзларини келтиради.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча мерсисайдликларнинг янги бош мураббийи этиб Андони Ираола тайинланди.













