Англия терма жамоаси ҳужумчиси Харри Кейн Янги Зеландияга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан (1:0) кейин журналистлар билан суҳбатлашди. «Бавария» футболчиси баҳснинг 45-дақиқасида учрашувдаги ягона голни киритди, танаффусда эса бошланғич таркибнинг бошқа ўн нафар ўйинчиси қатори алмаштирилди.
«Менга ҳозиргина терма жамоадаги голларим сони 79 тага етганини айтишди, ваҳоланки мен негадир уларни 75 та деб ўйлаб юргандим. Лекин барибир ўша тўртта голни ураман (ҳазил тариқасида). Терма жамоа либосини кийган ҳар бир вазиятда ўзимни кўрсатишга ва ўз ишимни бажаришга ҳаракат қиламан. Менинг асосий вазифам — гол уриш ва жамоага ғалаба қозонишда ёрдам бериш. Бугун буни уддалаганимиздан хурсандман.
Биз Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришни давом эттирмоқдамиз. Аввало, иссиқ ҳавога ва маҳаллий майдонларга мослашиб олишимиз керак эди. Менимча, биз буни уддалай олдик», — дея BBC Кейннинг сўзларини келтирмоқда.
10 июнь куни инглизлар Коста-Рика билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади, 17 июнда эса «уч шерлар»нинг ЖЧ-2026даги илк ўйини бўлиб ўтади — унда Хорватия рақиблик қилади.













