«Брайтон» Швециянинг АИК клубидан вингер Зейдок Йоханнанинг трансфери бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
18 ёшли нигериялик футболчи жамоа билан 5 йиллик шартнома имзолади. Трансфер суммаси ошкор қилинмаяпти, бироқ яқиндагина «Ньюкасл» ушбу ўйинчи учун 24 миллион евро таклиф қилгани маълум. Келишув трансфер ойнаси очилиб, барча зарур рухсатномалар олинганидан сўнг расман якунига етади.
Йоханна Европанинг энг истиқболли ёш футболчиларидан бири ҳисобланади. Жорий мавсумда у Швециянинг АИК жамоаси сафида барча мусобақаларда 18 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 4 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Йоханна фаолиятини Нигерия академияларидан бирида бошлаган, 2025 йилда эса Швецияга кўчиб ўтиб, у ерда тез фурсатда мослашди ва АИКнинг асосий таркиб футболчисига айланди.













